Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлган Рашитовнинг Жаҳон антидопинг кодекси 2.4 бандини бузгани аниқланган. Ушбу қоидага кўра, агар спортчи бир йил давомида уч маротаба ўз жойлашув манзили ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этмаса, бу антидопинг қоидабузарлиги сифатида баҳоланади.
Миллий антидопинг агентлиги таъкидлашича, ушбу қоидабузарлик 2025 йилда аниқланган ва 2025 йил 25 февралдан кейинги даврга тааллуқли. Шу боис, Улуғбек Рашитовнинг Токио-2020 ва Париж-2024 Олимпиадасида қўлга киритган олтин медаллари ҳақиқий деб ҳисобланади ва бекор қилинмайди.
Бироқ, 2025 йил 25 февралдан 13 майгача даврда қўлга киритилган барча натижалар ва совринлар амалда бекор қилинади. Қонунбузарлик аниқланган спортчи жазо муддати давомида маҳаллий ва халқаро мусобақаларда қатнашиши тақиқланади, акс ҳолда унга нисбатан қўшимча санкциялар қўлланилади.