Компаниянинг умумий йиллик даромади 4,24 млрд долларни ташкил қилди, бу эса ўтган йилга нисбатан 8 фоизга камайган. Даромаднинг пасайиши асосан ички бозордаги 8,2 фоизлик ва экспортдаги 7 фоизлик тушиш билан изоҳланади. Жумладан, ички сотувлар 3,7 млрд доллар, экспорт ҳажми эса 494,4 млн долларни ташкил этди.
Харажатлар ичида савдо харажатлари 128 млн доллар, бошқарув харажатлари эса 61 млн долларни ташкил этган. Даромад солиғи учун компания 62,6 млн доллар тўлаган. Валюта курслари ўзгариши ортидан 25,6 млн долларлик зарар қайд этилган — бу 2023 йилга нисбатан анча паст кўрсаткичдир.
UzAuto Motors’нинг умумий активлари 2,46 млрд долларга тенг бўлиб, ўтган йилга нисбатан 16,9 фоизга камайган. Аммо соф капитал ўсиб, 908,8 млн долларга етди. Жами мажбуриятлар эса 1,55 млрд долларга тушган.
Даромад манбалари бўйича эса Асакадаги CKD ишлаб чиқариш сегменти 3,12 млрд доллар тушум ва 90 млн доллар фойда келтирди. Питнак заводида 904 млн доллар даромад ва 212 млн доллар фойда қайд этилган. Импорт автомобил савдоси эса 202 млн долларлик тушум ва 14 млн долларлик фойда билан якунланган.
2024 йил якунига келиб, UzAuto Motors’да 15 234 нафар ходим меҳнат қилган. Бу 2023 йилга нисбатан бироз кам — 16 511 нафар ходим фаолият юритган эди.