Германия канцлери Мерц Исроил режимининг қонунга хилоф ҳаракатлари ва ваҳшиёна жиноятларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бекаий ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Унинг таъкидлашича, канцлер Исроилнинг Эронга ҳеч қандай сабабсиз қилган қуролли ҳужуми БМТ Низомини қўпол равишда бузиш ва очиқдан-очиқ тажовузкорлик ҳаракати эканлигини яхши билади.
Бекаий ёзишича, «канцлернинг Исроил режимининг Эронга қарши тажовузкор урушини доимий равишда қўллаб-қувватлаши Германия ҳукуматининг Исроилнинг қонунга хилоф ва жиноий ҳаракатларида иштирок этгани учун халқаро жавобгарликка тортилишига олиб келади. Германия ҳукумати эса бу ҳолатни эътиборсиз қолдира олмайди».
Исроил 13 июндан бошлаб Эронга зарбалар бериб, юқори лавозимли ҳарбийлар ва ядровий объектларига ҳужум қилди. Эрон бунга жавобан Исроил ҳудудига ракеталар ва дронлар учирди. АҚШ 22 июнга ўтар кечаси можарога аралашиб, Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектларга ракеталар ва бункерларга қарши бомбалар билан зарба берди. Икки кундан сўнг, Эрон олдиндан огоҳлантирган ҳолда Қатардаги Америка ҳарбий базасига ҳужум қилди. 24 июн куни Исроил ва Эрон АҚШ босими остида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бироқ, ўзаро отишмалар яна бир муддат давом этди.