Қозоғистон Афғонистондаги темир йўлга пул тикмоқда. Мақсади нима?

22:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон Турғунди – Ҳирот темир йўлини қуриш учун Афғонистон билан англашувга эришди. Бу лойиҳа Қозоғистоннинг Жанубий Осиё портларига чиқиши ва минтақавий савдо имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Kaz afg

Қозоғистон ва Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида темир йўл қурилиши ҳамда ундан фойдаланишнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Казинформ ахборот агентлиги мухбири хабар бермоқда.

«Қозоғистон Транспорт вазирлиги ва Афғонистон Жамоат ишлари вазирлиги ўртасидаги учрашув якунлари бўйича Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида темир йўл қурилиши ҳамда ундан фойдаланишнинг асосий тамойиллари тўғрисида меморандум имзоланди», — дея таъкидланади вазирлик хабарида.

Қозоғистон вазирлиги темир йўл қурилишига қанча маблағ ажратишга тайёрлигини маълум қилмади. Бироқ Афғонистон ҳукумати вакиллари тафсилотларни ошкор этди. Афғонистон Жамоат ишлари вазирлигининг матбуот котиби ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида шундай деб ёзди:

«Турғунди – Ҳирот темир йўли лойиҳаси бўйича 500 миллион долларлик инвестиция киритиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди».

Қозоғистонга 2024 йил июл ойида Ақтауда бўлиб ўтган учрашувда Турғунди — Ҳирот темир йўли қурилишида иштирок этиш таклиф қилинган эди.

Бу йўл республиканинг Покистондаги денгиз портларига чиқишини осонлаштириши тахмин қилинмоқда. Бу эса мамлакат учун янги экспорт йўналишларини яратиб, товар айирбошлаш ҳажмини оширади. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари учун Жанубий Осиё бозорларига транспорт ҳаракатида муҳим транзит йўлагини шакллантиради. Мутахассислар фикрича, ушбу лойиҳа нафақат Қозоғистон, балки бутун минтақа иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга.