Куйдирги бўйича қўшни мамлакатда вазият жиддий. Мазкур касалликни Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида 55 та чегара пунктида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси эпидемиология ва ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Фарҳод Қурбонбеков маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда куйдирги касаллигининг олдини олиш учун гумон этилган ҳолатлар юзага келганда ташхислаш, даволаш учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, касаллик ўчоқларида тупроқдан намуналар олиб, лаборатория шароитида доимий назорат олиб борилади.
«Касалликни мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида эса 55 та чегара пунктларимиздан ўтувчилар чуқур текширувдан ўтказилади. Ушбу пунктларда касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказилиши зарур бўлган барча чора-тадбирлар назоратга олинган», — дейди мутахассис.
Таъкидланишича, касалликнинг асосий кўриниши — тери шакли бўлиб, тўғри даволангандек, мураккаб асоратларсиз ўтади. Аммо ўпка, ичак ёки септик шакллари жуда оғир кечади ва кўп ҳолларда ўлим билан тугайди.
Касалликни олдини олиш чоралари қандай?
Фарҳод Қурбонбековга кўра, куйдирги касаллигини келиб чиқишини олдини олиш учун қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиш керак:
— хонадонларда боқилаётган чорва молларини ҳудудий ветеринария ходимлари томонидан куйдирги касаллигига қарши ҳар йили бир маротаба албатта эмлатиш зарур;
— чорва молларини уй шароитида сўйиш тақиқланган. Уларни фақат қушхоналарда ва сўйиш майдончаларида, ветеринария ходими назорати остида сўйиш керак;
— касалланган чорва молларини нобуд бўлмаслиги учун уларни уй шароитида мажбурий сўйиш зарурияти юзага келганда, бу тадбир албатта ветеринария врачи иштирокида амалга оширилиши зарур;
— касаллик аломатлари кузатилганлиги сабабли сўйилган чорва молларининг гўшти, териси ва калла-почаларини қўни-қўшниларга тарқатиш ёки бозорларда сотишга фақат ветеринария ходимининг хулосаси асосида рухсат берилади;
— ветеринария ходимлари чорва молларида куйдирги касаллигига гумон қилса ёки аниқласа, бундай ҳайвонларни сўйиш мумкин эмас, ўлган мол, қўй танаси куйдириш йўли билан йўқотилиши шарт;
— маҳаллаларда мажбурий сўйилган ва кўча-куйларда сотилаётган чорва моллари гўшти хатарли бўлиши мумкин, шу сабабдан гўштни фақат дўконлардан ва бозорлардан харид қилиш тавсия этилади, чунки улар текширилган ва хавфсизлиги кафолатланган бўлади.
«Касалланган чорва молини сўйган ва сўйишда иштирок этган одамда бир ҳафта мобайнида қўлида ёки танасининг бошқа жойларида яра пайдо бўлса, дарҳол ҳудудий шифохонага мурожаат қилиши зарур. Уйда ўзи билганича даволаниш оғир асоратларга олиб келиши мумкин», — дейди у.
Маълумот учун, куйдирги (Cибир яраси) – Bacillus anthracis бактерияси сабабли юзага келадиган хавфли инфекцион касаллик бўлиб, асосан ҳайвонлардан юқади. Куйдирги ўта ҳавфли юқумли касалликлар гуруҳига киради. организмнинг умумий заҳарланиш ҳолати, безгак тутиши ҳамда тери, ўпка ва ичаклар зарарланиши билан таърифланадиган инфекцион касалликдир. Куйдирги касаллиги билан барча турдаги қишлоқ хўжалик, ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда одамлар касалланади.
«Одамларга касаллик асосан куйдирги касаллиги билан касалланган ҳайвонни парвариш қилган пайтда, ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган хайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин, Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвон териси ва жунидан тайёрланган ҳар хил мўйна буюмлар орқали ҳам касаллик юқиши мумкин. Ҳатто 100 даражада қайнатилган гўшт ҳам хавфли бўлиши мумкин фақат тўлиқ қиздирилган, ичида пушти жой қолмаган гўшт хавфсиз ҳисобланади», — дейди Фарҳод Қурбонбеков.