Мактаб қуриш ҳокимият учун бошоғриқми?

10:20 | 5 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда аҳоли сони кескин ошгани ҳолда, давлат томонидан етарли миқдорда мактаблар қурилмаяпти. Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ буни сиёсий қарор қабул қилувчиларнинг устувор йўналишларида таълимга жиддий эътибор берилмаётгани билан изоҳлади.

Maktab, sinf xonsi

Тадбиркор Ҳасанхўжа Муҳаммадсодиқ сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан суҳбатда мактаблар етишмаслиги муаммосига тўхталиб ўтди. 1990 йилда аҳоли сони 19–20 миллион атрофида бўлиб, 7–8 мингта мактаб мавжуд бўлган. Бугунги кунга келиб аҳоли сони қарийб 37 миллионга етган, бироқ давлат мактаблари сони 10 мингта атрофида қолмоқда.

«Тафовут шу даражада ошиб кетдики, бугун 10 мингта мактаб 17–18 мингта мактаб вазифасини бажаряпти. Баъзи мактабларда икки, бошқаларида уч сменали дарслар бўлади. Табиийки, ўша мактабда битта устоз эрталабдан кечгача тўлиқ ишлайди. Бу ҳолат демографик ўзгаришга давлат вақтида реакция қилмаганининг оқибатлари бўлиши мумкин. Аҳоли сони ўсяптими, унга параллел равишда мактаблар, шифохоналар қурилиши керак», деди тадбиркор.

Ислоҳот ўтказилгани ярқ этиб кўзга кўриниши керак. Бу ҳамма сиёсатга тегишли камчилик. Дейлик, кўзга кўринадиган бино, қандайдир ситилар қуриб ташлаш омма учун ислоҳот бўлиб туюлиши мумкин. Лекин унинг тагидаги канализация масаласи бор. Узоқ муддатли фойда берадиган нарса бўлгани учун иложи борича унга эътибор қаратмасликка ҳаракат қилинади.

Ҳокимиятлар учун мактаб қуриш жуда ҳам катта муаммо. Чунки мактаблар фақат пул талаб қилади ва ҳокимлар унинг фойдасини кўра олмайди. Битта мактаб қурадиган бўлсангиз, улар учун ғирт бошоғриқ. У ерга болани олиб келишингиз, пул, ўқитувчи билан таъминлашингиз, ҳуқуқбузарлигига қарашингиз керак.

«Хуллас, турган-битгани муаммо. Улар учун ер мактабдан кўра уй қуриш учун сотиб юборилгани яхши. Қурганлар ободонлаштириши билан ўзлари шуғулланади, кейин пул ҳам бериши мумкин. Лекин мактаб турган-битгани бошоғриқ. Яъни «калта қўллар синдроми»да тушиб қолган соҳа ҳисобланади», деди сиёсатшунос.

Унинг таъкидлашича, давлатни мактаб қуришга мажбур қилиш парламентаризмнинг вазифаси бўлиши керак. Агар парламент ишламаса, давлат мактаб қуришни устувор мақсад сифатида белгилмайди. Сайланган депутатлар ҳокимиятни таълим соҳасига молиявий ресурслар ажратишга мажбур қилиши лозим.

2024 йилда мамлакатда 6,4 миллион бола таълим олаётган бўлса-да, жами 5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар фаолият юритмоқда. Бу эса 1,2 миллион бола учун жой етишмаслигини англатади. Давлат стандартларига кўра синфдаги ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги керак. Аммо қарийб 2 мингта мактабда бу меъёр бузилмоқда.