Доғистонда 300 дан ортиқ кишида сувдан заҳарланши ҳолати кузатилди

10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Доғистоннинг Магарамкент туманида 300 дан зиёд киши, асосан болалар, ичак инфекциясига шубҳа қилинган ҳолда шифохонага мурожаат қилди. Воқеа ичимлик сувидан заҳарланиш билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Kasallik

Доғистоннинг Магарамкент туманида сўнгги уч кун ичида 302 киши, шулардан 294 нафари болалар, заҳарланиш аломатлари билан шифокорларга мурожаат қилди. Бу ҳақда республиканинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Маълумотларга кўра, заҳарланиш ҳолати туман марказидан 14 км узоқликда жойлашган «Джепелский» булоғи сувидан фойдаланиш натижасида келиб чиққан бўлиши мумкин. Шифокорлар ҳозирда эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Ярослав Глазов ушбу вазиятни шахсан назоратга олган. Шу пайтгача касаллик сабаб 3 нафар бемор шифохонадан чиқарилган, 93 киши ҳануз даволанмоқда. Қолган фуқароларга фақат қайнатилган ёки шишадаги сувдан фойдаланиш тавсия қилинди.

Вазиятни бартараф этиш мақсадида туманга 3 тонна натрий гипохлорит етказиб берилмоқда. Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси 9 июл куни туман уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси директори Ренат Холидовни қўлга олди. Унга нисбатан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш очилган.