Японияда «ижарага буви» хизмати оммалашмоқда

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Японияда кекса аёллар энди меҳрибонлик ва тажриба орқали пул ишламоқда. Инфляция ва турмуш харажатлари ортиши фонида «ижарага буви» хизмати кексалар учун ҳам даромад, ҳам ижтимоий фаоллик манбаи бўлмоқда. Мазкур ташаббус 2011 йилда Client Partners компанияси томонидан йўлга қўйилган ва ҳозирги кунда «OK Obaachan» («Хўп, бувижон») номи билан машҳур.

Buvi

Ушбу хизмат доирасида мижозлар соатига 3000 иен (тахминан 20 доллар) тўлаб, 60 ёшдан 94 ёшгача бўлган аёлларни вақтинча «ижарага» олади. Улар уй ишларига ёрдам бериш, болаларни қараш, руҳий қўллаб-қувватлаш, ёки оилавий низоларни ҳал қилишда воситачилик қилиш каби турли вазифаларни бажаради. Шу билан бирга, харидорлар бувининг йўл харажатларини ҳам тўлайди.

Компания вакилларининг таъкидлашича, хизмат турлари жуда кенг: шахсий суҳбатдош бўлишдан тортиб, овқат тайёрлашни ўргатиш, ҳатто ажрашаётган жуфтликларга ёрдам беришгача қамраб олинади.

Япония ҳукумати маълумотларига кўра, 2024 йил сентябр ҳолатига кўра, 65 ёшдан ошганлар сони 36,25 млн нафарга етган. Бу эса мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Шунингдек, кексаларнинг қарийб 25 фоизи иш билан банд.

Яшаш қийинлашиб бориши туфайли кекса одамлар ҳам ҳаёт учун курашмоқда. Масалан, CNN хабар қилишича, 81 ёшли бир аёл нафақаси етарли бўлмагани учун атайлаб дўкондан озиқ-овқат ўғирлаган ва шундай қилиб қамоққа тушиб, у ерда бепул овқат ва тиббий хизмат олиш имконига эга бўлган.