Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш ва гаровдаги шахсларни озод қилиш бўйича музокаралар жиддий тўсиқларга учрамоқда.
Расмийларнинг сўзларига кўра, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи ортидан музокаралар чўзилган ва Исроил делегациясига ҳал қилувчи қарорлар қабул қилиш ваколати берилмаган. Асосий баҳслар гуманитар ёрдамни етказиш механизмлари ва Исроил қўшинларининг Ғазодан олиб чиқилиши юзасидан юз бермоқда.
ҲАМАС гуманитар ёрдам БМТ ва халқаро ташкилотлар орқали тарқатилишини талаб қилмоқда. Исроил эса Ғазо гуманитар жамғармаси орқали тарқатишни таклиф қилмоқда. Бироз яқинлашув қайд этилган бўлса-да, расмий келишувга эришилмади.
Иккинчи йирик муаммо — бу Исроил қўшинларининг Ғазодан қанчалик чиқарилиши масаласи. ҲАМАС бошида 1–1,5 km буфер зонасига рози бўлган. Аммо тақдим этилган хариталарда бу зоналар 3 km гача кенгайтирилиб, Ғазо шаҳри ва жанубдаги Рафа тўлиқ қамраб олинган. Бу эса ишончни янада сусайтирди.
Шунингдек, Исроил мудофаа вазири Исроил Кацнинг Рафа шаҳрида 600 минг кишига мўлжалланган «инсоний шаҳарча» барпо этиш режаси ҳам кескин танқид қилинмоқда.
Музокаралар 8 марта давом этди ва уларга Қатар Бош вазири, Миср ва АҚШ расмийлари воситачилик қилмоқда. АҚШдан жиддийроқ босим ўтказиш талаб этилмоқда. Акс ҳолда, минтақа яна янги ҳалокатли босқичга ўтиши мумкин.