10–11 июл кунлари Италия пойтахти Римда ўтказилган Украинани қайта тиклаш бўйича 4-халқаро конференцияда Киевга молиявий ёрдам бериш бўйича умумий ҳисобда 10 млрд евродан ортиқ маблағ ваъда қилинди. Бу ҳақда Италия бош вазири Жоржа Мелони маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, давлатлар, халқаро молия институтлари, маҳаллий ҳокимиятлар, бизнес ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокидаги анжуманда жиддий молиявий мажбуриятлар олинган.
Мелони, шунингдек, Россия ҳарбийларининг Украинадаги черковлар ва музейларни йўқ қилганини кескин танқид қилиб, бундай маданий бойликлар Европа умумий мероси эканини таъкидлади. У Италия ушбу обидаларни тиклашда иштирок этишини билдирди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам анжуманда иштирок этиб, Украинанинг мудофаа салоҳияти ҳозирча фақат 60 фоизга ишлаётганини айтди ва Европа компаниялари бу соҳани капитал билан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
У Евроиттифоқ томонидан Украинани тиклашга хос янги Европа жамғармаси ташкил этилишини эълон қилди. Мазкур жамғарма хусусий сармояларни жалб қилишни мақсад қилган.