Президент Шавкат Мирзиёев 11 июл куни «Фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Янги ҳужжатга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга паспорт ва рўйхатга олиш тизими билан боғлиқ жарималарга доир ўзгартишлар киритилди.
Эндиликда, Ўзбекистон фуқаросининг паспорт ёки ID-картасиз яшаши, ёки унинг муддати тугаган ҳолда фойдаланиши учун 187,5 минг сўм жарима белгиланади. Бу қоидабузарлик такрорланса, жарима 1,125 млн сўмни ташкил этади. Илгари бу миқдор 3 БҲМгача бориши мумкин эди.
Паспорт ёки ID-картани йўқотиш ёки яроқсиз ҳолатга келтириш учун ҳам белгиланган жарима пасайтирилиб, 375 минг сўм этиб белгиланди. Агар бундай ҳолат бир йилда такрорланса, 1,875 млн сўмлик жарима солинади.
Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаган фуқароларга 3 БҲМ — 1,125 млн сўм миқдорида жарима белгиланади. Такрорий ҳолда бу миқдор 5 БҲМгача — 1,875 млн сўмгача етади.
Шу билан бирга, айрим тоифадаги шахслар — 18 ёшга тўлмаганлар, 60 ёшдан ошганлар, фавқулодда вазият қурбонлари ва ҳужжатини йўқотган айрим шахслар ушбу жарималардан озод этилади.
Паспорт ёки ID-картани гаров сифатида бериш учун жарима 2 БҲМ этиб белгиланди. Илгари бу 10 дан 15 БҲМгача эди. Шунга ўхшаш, ҳужжатни ноқонуний тарзда олиб қўйганлик учун ҳам 10 БҲМ жарима белгиланди.