Тахтиқорача орқали тўловли тоннел қурилиши бўйича шартнома имзоланади

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилда Тахтиқорача довони орқали 7 кмлик пуллик тоннел қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик шартномаси имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 11 июл куни депутат саволига жавоб бериб маълум қилди.

Ilhom mahkamov

Президентнинг Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига ташрифи давомида Тахтиқорача пулли тоннел қуриш вазифаси Транспорт вазирлиги зиммасига юклатилган. Ушбу лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади ва унинг умумий қиймати 100 млн долларга баҳоланмоқда.

Ҳозирда учта хусусий компания геодезия ва геология ишларини якунлаб, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрламоқда. Август ойида ушбу компаниялардан энг муносиби танлаб олинади ва улар билан шартнома имзоланади. Маҳкамовнинг сўзларига кўра, танловда Ўзбекистон манфаатлари инобатга олинади.

Август ойида тендер натижалари эълон қилиниб, ғолиб компания билан келишув тузилади. Шундан сўнг қурилиш ишлари бошланиши кўзда тутилган. Тоннел қурилишидаги асосий мураккабликлар геологик шароит ва тоғлик ҳудудда иш олиб бориш билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил августда президент давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни маъқуллаган эди. Мазкур дастурга кўра, 2026 йил декабригача лойиҳа бўйича тўлиқ шартнома имзоланиши белгиланган.