Дания фуқароларининг ташқи кўриниш ва овозларини муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинади

12.07.2025 15:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Дания ҳукумати инсон ўз ташқи кўриниши ва овозидан фақат ўз розилиги билан фойдаланилиши керак, деб ҳисобламоқда. Янги қонун таклифи сунъий интеллект орқали яратиладиган сохта тасвир ва овозлардан фуқароларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни назарда тутади.

Denmark

The New York Times маълумотига кўра, Дания дунёнинг биринчи давлатларидан бўлиб ўз фуқароларга юзини, овозини ва умумий образини муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилиш имконини берувчи қонун тайёрламоқда. Қонун кучга кирса, одамлар ижтимоий тармоқларда тарқатилган «дипфейк» контентларни олиб ташлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Дипфейклар — сунъий интеллект технологияси орқали яратилган сохта фото, видео ёки аудиолар бўлиб, улар реал шахснинг юзи, овози ёки хатти-ҳаракатларини тақлид қилади. Бундай контент кўпинча шантаж, сохта ахборот тарқатиш ва шахс шаънига доғ тушириш мақсадида ишлатилади.

Дания маданият вазири Якоб Энгел-Шмидт қонунни инсоннинг «асосий ҳуқуқларини рақамли даврда ҳимоя қилиш воситаси» деб атади. Унга кўра, инсон ўз юзи ва овозидан қандай фойдаланилиши устидан тўлиқ назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Қонунга кўра, шахснинг розилигисиз ҳар қандай мақсадда дипфейк яратилиши тақиқланади. Фақат сатира ва жамоатчилик танқиди каби ҳолатлар истисно сифатида қолади.

Қонун лойиҳасини парламентдаги партияларнинг аксарияти қўллаб-қувватламоқда, у жамоатчилик муҳокамасидан ҳам ўтган. Мутахассислар қонунни Европанинг бошқа давлатлари учун ҳам намунавий ҳужжат сифатида баҳоламоқда, айниқса Дания 2025 йил июлидан Европа Иттифоқига раислик қилаётган бир пайтда.

Янги тартибга кўра, дипфейкларни олиб ташлаш мажбурияти платформа операторлари зиммасига юкланади. Рад этганлар жаримага тортилади. Бироқ дипфейк контентни яратган шахслар тўғридан тўғри жавобгарликка тортилишмайди.

Экспертлар қонунни амалга оширишда муаммолар бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда: масалан, сатиранинг аниқ таърифи йўқ ва аксарият холатларда ушбу контент чет элда тарқатилади. Шунга қарамай, бу ташаббус рақамли шахсий дахлсизликни ҳимоя қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.