Пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаган аҳолига нафақа ва моддий ёрдам тайинланди

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярим йилида пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаган 48 771 нафар фуқарога давлат томонидан турли кўринишдаги ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари тайинлаб берилди.

Yirtilgan pullar

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–июн ойларида пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган 48 771 нафар фуқарога давлат томонидан ижтимоий тўловлар тайинланган. Ушбу тўловлар аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Хусусан, 6 811 нафар фуқарога ёшга доир нафақа, 16 014 нафарга ногиронлик нафақаси, 3 770 та оилага боқувчисини йўқотганлик нафақаси берилди. Шунингдек, 18 ёшгача бўлган ногирон болалар учун 14 115 нафар фуқарога, парваришлаш учун эса 6 144 нафар фуқарога тўлов тайинланган.

Бундан ташқари, 1 252 нафар ёлғиз кексалар ва парваришга муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам кўрсатилган, 612 нафар фуқарога эса уй-жой ва коммунал хизматлар учун компенсация пули ажратилган.

Йиғилган маълумотларга кўра, парвариш ва таъминот учун тўлов асосида 42 нафар бола тарбия (патронат) оиласига жойлаштирилган. Шунингдек, 11 нафар бола оилавий болалар уйига қабул қилинган.

Ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги ва кенг қамровлилигини таъминлаш мақсадида бундай тўловлар муттасил равишда амалга ошириб борилмоқда.