Фаластинлик активист Трамп маъмуриятини судга берди: даъво миқдори 20 млн доллар

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШда фаолият юритувчи фаластинлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маҳмуд Халил Доналд Трамп маъмуриятига қарши 20 миллион долларлик даъво аризаси киритди. У ўзини «аксилсемит» сифатида кўрсатиш, асоссиз қамоққа олиш ва таъқиб учун маънавий ва моддий товон талаб қилмоқда.

Mahmud xalil

Маҳмуд Халил — Колумбия университети битирувчиси ва Ғазодаги урушга қарши намойишларни ташкил қилган талабалар лагерлари етакчиларидан бири. У 104 кун мобайнида миграция назорати изоляторида сақланган. Халилни АҚШ иммиграция хизмати ходимлари ўз уйи олдида фуқаролик кийимида ушлаб кетган ва минг милдан ортиқ йўл босиб, Луизианага жўнатган. Унинг оиласи ва адвокатлари унга узоқ вақтча боғлана олмаган.

Юристлар бу ишни «адолат устидан мазах» деб аташди. Уларга кўра, Халилнинг депортация қилиниши — сиёсий фикрни ерга уриш ва фуқаролик фаолиятини жиловлаш учун ишлатилган восита бўлган. Грин картага эгалиги ва рафиқаси АҚШ фуқароси бўлишига қарамай, расмийлар унинг мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини баҳона қилиб, чиқариб юборишга уринишган.

Халил агар ундан расмий кечирим сўралса ва депортация сиёсати қайта кўриб чиқилса, даъводан воз кечишга тайёр эканини айтди. Ню Жерсидаги суд 20 июн куни уни озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Шундан сўнг у биринчи марта янги туғилган ўғлини кўриш ва бағрига босиш имконига эга бўлди.