Соғлиқни сақлаш тизимида 500 дан ортиқ коррупциявий жиноят аниқланди

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2024 йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида мансабни суиистеъмол қилиш, пора бериш-олиш ва давлат маблағларини талон-торож қилишга оид 500 дан ортиқ жиноят қайд этилди. Бу ҳолат соҳага ишончни сўндирмоқда.

Ssv

Ўзбекистон Сенати хабарига кўра, ўтган йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 500 дан ортиқ коррупциявий жиноятлар қайд этилган. Уларнинг асосий қисми мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олди-бердиси ва давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган.

Шунингдек, давлат харидлари соҳасида ҳам жиддий қонунбузарликлар аниқланган. Тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш жараёнлари секин кетмоқда, кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда ва ишга қабул қилишда шаффофлик таъминланмаётгани таъкидланди.

Сенат раиси Танзила Норбоева таъкидлашича, коррупцияга қарши кураш фақат жазо чоралари билан чекланмаслиги керак. Унга кўра, тизимда самарали ўзгаришларга эришиш, жамоатчилик ишончини тиклаш учун ички назорат, очиқлик ва ҳисобдорлик муҳим аҳамият касб этади.

Коррупцияни қабул қилиш халқаро индексининг 2024 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон 180 давлат орасида 121-ўринни эгаллади ва 100 баллик шкаладан атиги 32 балл тўплади. Бу кўрсаткич мамлакатда коррупция даражаси юқорилигини англатади.

Тадқиқотлар натижасига кўра, аҳолининг кўп қисми коррупцияни мансабни суиистеъмол қилиш ва қариндош-уруғчилик билан боғлиқ деб билади. 50 фоиздан зиёд респондент учун коррупция айнан шу тушунчалар билан ифодаланган.