Улар маълум қилишича, Путин сўнгги ҳафталарда Эрон расмийлари, Доналд Трамп ва Франция президенти Эммануэл Макрон билан суҳбатлар чоғида Теҳронни «нол уран бойитиш» режимига кўнишга чақирган. Россия ушбу позиция ҳақида Исроилга ҳам хабар берган ва Путиннинг Теҳронга шундай таклиф бергани ишонч билан тасдиқланган.
Бу Кремлнинг жамоатчиликка маълум расмий сиёсатидан сезиларли даражада фарқ қилади. Россия расмийлари, хусусан, БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Эроннинг уранни тинч мақсадларда бойитиш ҳуқуқини ҳимоя қилган эди. Жумладан, июн ойида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаво зарбаларига муносабат билдирар экан, у буни ядровий технологияларни тинч мақсадларда қўллаш ҳуқуқига тажовуз, деб атаган эди.
Бироқ, Axios манбаларига кўра, Путин Теҳронни уран бойитишдан бутунлай воз кечишга чорлаган. Унинг фикрича, бу АҚШ билан музокараларда Эрон учун фойда келтириши мумкин. Аммо эронликлар буни рад этган ва уранни бойитиш ҳуқуқини ҳеч қандай шартларда топширмаслигини билдирган.
Мазкур маълумотлар Исроил ва АҚШ ҳаво кучлари Эроннинг ядровий объектларига зарба бергани ва бойитилган 400 кг ураннинг қолиб кетган манзили номаълумлигини англатган воқеалар фонида келмоқда.
Расмий Москва бу борада ҳозирча расмий изоҳ бермаган, аммо бу фош этилган маълумот Россия ва Эрон ўртасидаги ядровий ҳамкорликда жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатади.