Трамп Мексика ва ЕИ маҳсулотларига 30 фоизли бож жорий этди

12:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Еврокомиссия жавоб чоралари ҳақида огоҳлантирди.

Trump

АҚШ президенти Доналд Трамп Мексика ва Европа Иттифоқидан келтириладиган маҳсулотларга 30 фоизлик қўшимча бож жорий этилишини маълум қилди. Янги тарифлар 2025 йил 1 августдан бошлаб амалга киритилади.

Трампнинг баёнотига кўра, Европа Иттифоқи ўз бозорини америкалик ишлаб чиқарувчилар учун очиши керак. Шу билан бирга, у Мексика ҳукуматига АҚШга суқилиб киришга уринаётган наркокартелларга қарши етарли чора кўрмаётгани учун танбеҳ берди. Трамп бу ҳақда Мексика президенти ҳамда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга расман хабар берганини маълум қилди.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ушбу қарорга кескин муносабат билдириб, уни Атлантика орқали товар айланмасининг барқарорлигига таҳдид сифатида баҳолади. У Европа манфаатларини ҳимоя қилиш учун қарши чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Мазкур бож қўшма ишлаб чиқариш занжирлари ва глобал савдо муносабатларига таъсир ўтказиши мумкин. Хусусан, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби соҳаларда савдо харажатлари ошиб кетиши эҳтимоли бор. Халқаро иқтисодчилар АҚШнинг протекционист сиёсатлари жаҳон бозорида янги савдо можароларини келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашмоқда.