Трамп маъмурияти 1 350 нафардан ортиқ дипломатни ишдан бўшатади

15:00 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ Давлат департаменти 1 350 нафардан зиёд ходимни ишдан бўшатишга қарор қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди. Қайд этилишича, Президент Доналд Трамп маъмурияти ташқи сиёсатдаги устуворликларни ўзгартириш ва ички фаолиятни оптималлаштириш мақсадида шундай ислоҳотни амалга оширмоқда.

Trump mamuriati

Қарор асосида 1 107 нафар маҳаллий ва 246 нафар хорижий хизмат ходими билан шартнома бекор қилинади. Давлат департаментининг умумий штати 18 минг атрофида бўлиб, тахминан 3 минг нафарга яқин ходимни қисқартириш режалаштирилган. Бу рақамга ўз хоҳиши билан ишдан кетганлар ҳам киради.

Расмийлар бу ўзгаришлар самарасиз, бир-бирини такрорловчи бўлимлар туфайли амалга оширилаётганини таъкидлашди. Мақсад — «тежамкорликни ошириш ва дипломатик вазифаларга диққатни жамлаш».

Президент Трамп бу ислоҳотни ўзининг «Аввало Америка» сиёсати доирасида асослаб берган. Бироқ айрим сиёсатчилар бу қадамни кескин танқид қилмоқда. Демократ сенатор Тим Кейннинг таъкидлашича, ушбу қарор АҚШнинг ташқи рақиблар — хусусан, Хитой ва Россияга нисбатан дипломатик имкониятларини заифлаштиради.

Шу билан бирга, давлат аппаратини қисқартириш ташаббуси бошқа ҳукумат идоралари ва тузилмаларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.