Германия армияга харажатларни икки баробарга оширди, Франция эса оширмоқчи

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Германия армиясига ажратиладиган маблағлар кескин ортди. 2024 йилда Берлин ҳарбий техника хариди учун 31 млрд евродан ортиқ маблағ сарфлади — бу 2021 йилдаги кўрсаткичдан қарийб икки баробар кўп.

Bundesver

Германия Федерал армиясини жиҳозлаш, ахборот технологиялари ва техник таъминот бўйича идораси раҳбари Аннетта Ленинг-Эмденнинг маълум қилишича, ушбу маблағ эвазига 12 мингга яқин шартнома имзоланган. Унга кўра, 2029 йилгача бундесверни тўлиқ қайта қуриш ва НАТО ҳимоясига лойиқ ҳолга келтириш вазифаси қўйилган. Шу боис, 2028 йилнинг ўзидаёқ армия замонавий ва керакли ускуналар билан таъминланиши лозим.

Ленинг-Эмден саноат салоҳияти ҳали етарли эмаслигини, шу боис бундесвер бозорда мавжуд тайёр ҳарбий маҳсулотларни ҳам харид қилаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, биринчи навбатда ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ва ўқ-дориларга эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, Skyranger зенит қуроллари ва янги Leopard 2 танкларини харид қилиш режаси тузилган.

Германия канцлери Фридрих Мерц бундесверни Европадаги энг кучли армияга айлантириш нияти борлигини билдирган. 2025 йил 31 январ ҳолатига кўра, Германия армиясида 182,8 минг аскар хизмат қилган бўлса, келгусида умумий ҳарбийлар сони 460 мингга етказилиши кўзда тутилмоқда. Ҳокимият коалицияси ва мухолифатдаги «яшиллар» партияси қарз олиш чекловларидан воз кечиб, ҳарбий сарф-харажатларни кескин оширишга йўл очган.

Шунингдек, Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам 2027 йилгача мамлакат мудофаа бюджети икки баравар оширилишини эълон қилди. 2017 йилда 32 млрд евро бўлган бюджет 2027 йилда 64 млрд еврони ташкил этиши режалаштирилмоқда.