Валерий Залужний: «Олдинда турли қоидаларга асосланган мутлақо янги уруш турибди»

09:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина Россияга қарши олиб бораётган урушда ғалаба қозониш учун фақат фронтдаги курашга эмас, балки технологик асосланган, асимметрик имкониятлар ва мамлакатнинг «бардошлилик тизими»ни яратишга ҳам суянмоғи лозим. Бу ҳақда Валерий Залужний фикр билдирди.

Zalujniy1

Украина Қуролли Кучлари собиқ Бош қўмондони, ҳозирги пайтда Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчи бўлиб ишлаётган Залужний ўз фикрларини украин журналисти Роман Романюкнинг «Учинчи жаҳон урушида қай тарзда уруш олиб борилади» номли китобига ёзган сўзбошида баён этган. Ушбу сўзбошидан парчани 13 июл куни «Украинская правда» нашри эълон қилди.

Залужнийнинг таъкидлашича, ҳарбий-технологик инқилоб аллақачон бошланган ва бу, тўғридан тўғри босиб олишдан кўра, душманни ресурс ва имкониятдан маҳрум қилишга, унинг мудофаа қобилиятини йўқ қилишга қаратилган «ҳолдан тойдирувчи уруш»га замин яратмоқда. Унинг таъбири билан айтганда, бугунги урушда ғалаба қилиш — бу нафақат қатъий туриб бериш, балки ўз вақтида қатъий жавоб қайтариш ҳамдир.

Залужнийга кўра, Украинада янги турдаги ҳарбий доктрина шаклланмоқда. У фронтдаги назорат, технологик устунлик ва ахборот хавфларига қарши курашни миллий барқарорликни таъминловчи асосий омиллар деб ҳисоблайди.

Собиқ Бош қўмондон америкалик мутахассис Шон Макфейт фикрларини қўллаб-қувватлаб, шундай дейди: «Ғалабанинг ярми — унинг қандай кўринишга эга бўлишини тушунишдир. Ақл кучдан муҳим». Унинг фикрича, Украина халқи янги қоидаларга кўра юзага келадиган глобал низода ҳам ўз салоҳиятини кўрсата олади.