Европаликлар Британиянинг Евроиттифоққа қайтиши тарафдори, лекин шартлари бор

09:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Европанинг етакчи давлатларида ўтказилган сўров натижаларига кўра, кўпчилик фуқаролар Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига қайта қўшилишига рози, аммо бунинг учун мамлакат иттифоқ сиёсатларига тўлиқ риоя қилиши шарт, деб ҳисоблайди.

Ukk

YouGov ташкилоти томонидан Франция, Германия, Италия, Испания, Дания ва Буюк Британияда ўтказилган сўров натижаларида кўрсатилишича, Европа Иттифоқи аъзоси бўлган давлатларнинг аҳолиси орасида Британиянинг қайтишига нисбатан ижобий муносабат мавжуд. Қайтишига энг катта қўллаб-қувватлаш Германияда (63 фоиз), кейин Франция (60 фоиз) ва Дания (59 фоиз)да қайд этилган.

Бироқ сўровда иштирок этганларнинг аксари (58 фоиздан 62 фоизгача) Британияни аввалги имтиёзлари билан эмас, балки умумий иттифоқ сиёсатларига тўлиқ қўшилиш шарти билан қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди. Жумладан, евро ва Шенген келишувидан истисно қилиниш имкониятига қарши чиқишган.

Британиянинг ўзида эса 54 фоизи аҳоли мамлакатнинг Европа Иттифоқига қайтиши тарафдори эканини билдирган. Аммо агар бу қайтиш аввалги имтиёзларсиз бўлса, фақатгина 36 фоиз сўров қатнашчиси бу ғояни қўллаб-қувватлаган, 45 фоиз сўралганлар эса қаршилик билдирган. Хусусан, ЕИда қолиш учун овоз берганлар орасида ҳам янги шартларга нисбатан муносабат эҳтиёткорлик билан қабул қилинмоқда.

Европа Иттифоқи аъзолари орасида истисно сифатида Дания қайд этилди – бу ерда 72 фоизи фуқаро Британиянинг қайтиши тарафдори бўлиб, 43 фоиз респондентлар аввалги имтиёзлар сақланишига қарши эмаслигини билдиришган.

Сўров шунингдек, Шотландия мустақилликка эришса, унинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига ҳам кенг кўламда қўллаб-қувватлаш мавжудлигини кўрсатди: бешта Европа давлатида респондентларнинг 63 фоиздан 75 фоизигача бундай қадамни маъқуллаган.