Зумерлар муваффақиятли карйера учун ота-оналар маслаҳатига муҳтож бўлмоқда

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Gallup ва Jobs for the Future томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, замонавий ёшлар — зумерлар мактабни тамомлагандан сўнгги режаларини белгилашда энг кўп ишончни ота-оналарига билдиришмоқда. Ҳатто устозлар ва ижтимоий тармоқлар бундай ишонч даражасига ета олмаяпти.

Zumerlar

Тадқиқот натижаларига кўра, зумерларнинг 90 фоизи ота-оналаридан маслаҳат сўрайди, устозларга ишонч 54 фоиз атрофида, ижтимоий тармоқлар эса атиги 10 фоиз ишончга эга. Бу эса ота-оналар учун катта имконият бўлиши мумкин, деб ёзади TIME журнали.

Бироқ кўплаб катталар, айниқса кам даромадли оилалар, замонавий таълим ва ишга жойлашиш имкониятларидан етарлича хабардор эмас. Бугунги кунда бакалавр даражаси ва анъанавий карйерадан ташқари йўллар — қисқа курслар, ҳарбий хизмат, тадбиркорлик, стажировкалар ва касб-ҳунар мактаблари каби имкониятлар тобора оммалашмоқда.

Афсуски, ҳатто мактаб маслаҳатчилари ҳам бу хил йўллар ҳақида етарли билимга эга эмас. Натижада, баъзи ўқувчилар қайси йўналишни танлаш кераклигини билмай, иккиланиб қолишмоқда. 2023 йилда университетга киришни режалаштирмаган ўқувчиларнинг қарийб учдан бири кейинги қадамларини аниқ билмаслигини айтган.

Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, ота-оналари турли карйера имкониятларини муҳокама қилган ёшлар бундай вариантларга икки баробар кўпроқ қизиқиш билдиришади. Аммо бунинг учун ота-оналарнинг ўзлари ҳам янгича имкониятлардан хабардор бўлиши керак.

Мутахассислар катталарга фарзандлари билан карйера мавзусида кўпроқ мулоқот қилишни, биргаликда таълим муассасаларига боришни ва стажировкаларни излашда ёрдам беришни тавсия қилади. Шу билан бирга, мактаблар, иш берувчилар ва давлат дастурлари ҳам оилаларни қўллаб-қувватловчи муҳим манба бўлиши мумкин.

Зумерлар тинглашга тайёр. Энди навбат — катталарники.