Солиқ низоларини ҳал қилиш бўйича эксперт кенгаши тузилади

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Президентнинг янги қарорига кўра, тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал этиш мақсадида экспертлар кенгаши ташкил этилади. Бу орқали низоларни ҳал қилишдаги вақт ва харажатлар камайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Diplomat

2025 йил 11 июл куни Президентнинг «Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–223-сон қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши ташкил этилиши белгиланди.

Ушбу кенгаш Савдо-саноат палатаси ҳузурида фаолият юритиб, унинг таркибига солиқ, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ соҳаларидаги мутахассислар киради. Кенгашнинг асосий вазифаси тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасида юзага келган низоларни судгача ҳал этишда самарали восита сифатида фаолият кўрсатишдан иборат.

Кенгаш ойига камида икки марта йиғилиш ўтказиб, тадбиркорларнинг солиқ органлари қарорларидан норозилик билдирган мурожаатларини кўриб чиқади. Аммо бу фақат судда ёки жиноят иши доирасида кўрилмаётган ҳолатларга тааллуқли бўлади.

Кенгаш чиқарган хулосалар мажбурий тартибда тегишли органларга юборилади ва мурожаат этган тадбиркорга бу ҳақда маълум қилинади. Бу чора солиқ юритувида шаффофликни ошириш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.