Маданий мерос объектлари онлайн аукцион орқали ижарага берилади

12:45 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистонда маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудлар электрон аукцион орқали узоқ муддатга ижарага берилади. Бу орқали объектларни сақлаш, ободонлаштириш ва самарали фойдаланиш мақсад қилинган.

Samarqand

Вазирлар Маҳкамасининг янги қарор лойиҳасига кўра, давлат мулки ҳисобланган маданий мерос объектлари ва уларга туташ ерлар юридик ҳамда жисмоний шахсларга электрон савдо платформаси — E-auksion орқали ижарага берилади. Бу тизим 2025 йил 1 июлдан кучга кириши кўзда тутилган.

Ижарага беришда ижарага олувчилар объектларни сақлаш ва ободонлаштириш бўйича инвестиция мажбуриятларини зиммасига олиши талаб этилади. Савдолар Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низомга асосан ўтказилади.

Ижара шартномалари уч томонлама тартибда — ижарага олувчи, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги махсус дирекция ўртасида тузилади. Дирекция шартномалар бажарилиши, ижара тўловларининг ўз вақтида тўланиши ва объектларнинг сақланиши устидан назорат олиб боради.

Бундан ташқари, дирекция давлат балансида бўлган фойдаланилмаётган маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, уларни ижарага бериш ва тушумларни мониторинг қилиш вазифаларини ҳам амалга оширади.

Лойиҳа маданий меросни ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий фойда олишни биргаликда таъминлашни мақсад қилган. Ҳозирда мазкур қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.