Ёшларни заҳарлаётган дорифуруш қўлга олинди

10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкентда кучли таъсир қилувчи «Зардекс» дори воситаларини ноқонуний сақлаш ва тарқатиш билан шуғулланган фуқаро қўлга олинди. Ушбу моддалар, асосан ёшлар ўртасида тарқалиб, оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Dxx

Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши йўналтирилган махсус тезкор тадбир ўтказилди. Унда Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳрида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро Янгиҳаёт туманидаги ижара уйида ушланди.

Холислар иштирокида ўтказилган кўрик давомида, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 16 249 дона «Зардекс» дори воситаси топилди. Ушбу препарат таркибидаги «Прегабалин» моддаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 818-сон қарорига асосан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.

Маълумотларга кўра, гумонланувчи бу дори воситаларини Сергели туманидаги хуфия жойдан олган ва сўнгра мижозларга тарқатиши керак бўлган. Шундан сўнг наркосавдогарга 16 минг АҚШ доллари беришни режалаштирган.

Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ишлари олиб борилмоқда.