Президент Администрациясида ислоҳотлар: АОКА тугатилмоқда

16:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Президент Администрацияси тизимида 284 та лавозим қисқартирилиб, 5 та устувор соҳада ислоҳотлар бошланди. Жумладан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилади. Унинг ўрнида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилади.

Aoka

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, Президент Администрациясининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди.

Янги Фармонга мувофиқ, 284 та лавозим қисқартирилиб, 5 та устувор соҳада ислоҳотлар бошланди.

Ташкилий ўзгаришлар натижасида Администрация ва унга қарашли ташкилотларда 284 та штат бирлиги қисқартирилди. Такрорланувчи вазифалар оптималлаштирилди ва янги форматда фаолият юритиш мақсад қилинди.

Ислоҳотлар доирасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) тугатилиб, унинг ўрнида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилади.

Янги марказ замонавий ахборот технологиялари асосида миллий медиамазмун яратиш ва аҳолига етказишга масъул бўлади. Шу орқали давлат ахборот сиёсатида стратегик ёндашув ва юқори сифатли контент яратиш мақсад қилинган.

Шунингдек, давлат идоралари жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш мақсадида матбуот котиблари институти янада мустаҳкамланмоқда. Янгиланган тизимда аҳоли билан доимий мулоқот ва оммавий ахборот воситалари билан шаффоф алоқаларни йўлга қўйиш белгиланган.

Президент Администрацияси фаолиятида энди ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва лойиҳа тегишли илмий-таҳлилий институтлар, олимлар ва экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилади. Бу меъёрий жараёнларда асослилик ва холисликни таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, лойиҳалар махсус офислар орқали амалга оширилади, комплаенс тизими жорий қилиниб, ижро интизоми, шаффофлик ва коррупциянинг олдини олиш бўйича самарали назорат ўрнатилади.

Фармонга мувофиқ, Администрация фаолиятида бешта устувор йўналиш — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари асосий эътибор нуқтаси сифатида белгиланди. Мазкур соҳаларда ислоҳотларни мувофиқлаштириш учун Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар тайинлаш ваколати берилди.

Шунингдек, Президентнинг стратегик ривожланиш ва ташқи сиёсат масалалари бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари жорий этилди. Қатор янги департаментлар — молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризм, жамоат хавфсизлиги, қонун устуворлиги ҳамда коммуникация йўналишларида ташкил этилди.

Яна бир муҳим жиҳат — йиғилишлар, ҳудудларга ташрифлар ва тадбирлар учун таҳлилий контент тайёрловчи махсус тузилмалар ташкил қилинди.