Wizz Air геосиёсий хавфлар сабабли Абу Дабини тарк этадиган бўлди

17:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Wizz Air 2025 йил сентябридан бошлаб Абу-Дабидаги операцияларини тўхтатишини эълон қилди. Камхарж ҳаво ташувчиси учун Яқин Шарқдаги икки йиллик беқарорлик компанияни нафақат даромаддан маҳрум қилди, балки бутунлай фаолиятдан воз кечишга мажбур этмоқда.

Wizz air

Аслида Венгрияда ташкил этилган ва Шарқий Европада фаолият юритувчи Wizz Air 6 йил аввал Абу Дабида базасини очган, ундан минтақавий кенгайиш учун стратегик платформа сифатида фойдаланмоқчи бўлганди. Бироқ ҳаво маконларининг ёпилиши, парвозлар узилиши ва минтақага бўлган саёҳат талабининг кескин тушиши натижасида бу режалар тўлиқ барбод бўлди.

Компания раҳбари Йожеф Варадининг айтишича, энди Wizz Air ўзининг асосий бозори — Марказий ва Шарқий Европадаги имкониятларга қайта йўналади. Бу ерда у Ryanair билан рақобат қилади ва сўнгги йилларда ушбу бозорга етарлича эътибор берилмаганини тан олади. Энди эса, компания ушбу сегментда фаол ва самарали ўсишни қайта бошламоқчи.

Лондон биржасидаги Wizz Air акциялари ушбу хабар фонида 2,6 фоизга ошди. Аммо сўнгги икки йилда улар 62 фоизга арзонлашиб кетган эди. Бу тушиш Pratt & Whitney компаниясига тегишли GTF двигателлари билан боғлиқ техник муаммолар туфайли айрим самолётларни ерда қолдиришга тўғри келгани билан боғлиқ.

Wizz Air ҳозирда Airbus’дан 280 та самолёт буюртма қилган ва уларнинг аксарияти Марказий ҳамда Шарқий Европада фаолият юритади. Британия, Италия ва Австрия компания портфелининг 30 фоизиини, Абу Даби эса бор-йўғи 5 фоизиини ташкил қилар эди.

Варадининг сўзларига кўра, Яқин Шарқда хизмат кўрсатиш харорат ва иқлим туфайли қийин кечади — бу ерда двигателлар тезроқ эскиради. Шунингдек, компанияга аввал ваъда қилинган Ҳиндистон ва Покистон бозорларига тўлиқ кириш ҳуқуқи берилмагани ҳам улар фаолиятини чеклаган.

Wizz Air Абу Дабидаги ADQ давлат инвестиция фонди билан ҳамкорликда қўшма корхонага эга эди. Компания сентябрь ойидан бу фаолиятни тўлиқ тўхтатишини расман маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Wizz Air Abu Dhabi авиакомпанияси Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ҳам камхарж авиақатновларни йўлга қўйган эди. Сентябрдан бошлаб бу қатновлар ҳам бекор қилинади.