2025 йил 15 июл куни Россиянинг Ташқи разведка хизмати (СВР) НАТОни Молдовани Россияга қарши эҳтимолий қуролли тўқнашувга тортаётганликда айблади. Баёнотда алянс мамлакат инфратузилмасини модернизация қилаётгани, ҳарбий инструкторлар жойлаштирилаётгани ва ўқув марказлари очилаётгани таъкидланган.
СВРга кўра, НАТО Молдовани ўзининг шарқий флангидаги олдинги базага айлантирмоқда. Баёнотда айтилишича, мамлакатда аэродромлар, темир йўллар ва кўприклар ҳарбий юк ташиш ва қурол сақлашга мослаштирилмоқда.
Айни пайтда, Молдова президенти Майя Санду Ғарб манфаатларини илгари суришда айбланмоқда. СВР Молдова ҳукумати ҳар қандай талабни бажаришга тайёрлигини, бу эса унинг партиясига сентябрдаги парламент сайловларида устунлик бериши мумкинлигини иддао қилди.
СВРнинг яна бир баҳсли баёнотида, «агар тўлиқ НАТО-Россия тўқнашуви юз берса, Брюссел Молдовани «тўпеми» сифатида фойдаланишни режалаштирмоқда», дейилган. Мазкур сўзлар Кремл томонидан Ғарбга мойил раҳбарларга нисбатан аввал ҳам қўлланилган агрессив риторикага ўхшайди.
Охирги йилларда Москва ва Кишинёв ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган. Молдова Россияни сайловларга аралашиш ва сиёсий тизимни издан чиқаришда айблаб келмоқда. Россия эса бу айбловларни «русофобия» деб рад этган. Икки мамлакат ўзаро бир неча бор дипломатларни мамлакатдан чиқариб юборган.