Президент Администрациясида 5 устувор йўналиш белгилаб берилди — янги фармон асосида туб ислоҳотлар

17:01 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган янги Фармонга кўра, давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, натижадорлик ва проактивликни оширишга қаратилган муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.

Farmon

Фармон Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларини белгилар экан, ҳар бир йўналиш учун масъул ўринбосарлар тайинланиши назарда тутилган.

Фармонга мувофиқ, Президентнинг стратегик ривожланиш ва ташқи сиёсат масалалари бўйича янги маслаҳатчилар лавозими жорий этилмоқда. Шунингдек, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳудудларга ташрифлар бўйича таҳлилий контент тайёрлашга ихтисослашган департаментлар ташкил этилади.

ОАВ билан ишлаш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва давлат идораларининг мустақиллигини ошириш бўйича ҳам муҳим қадамлар белгиланган.

Жумладан, энди вазирлик ва идоралар ўзларига тегишли соҳани мустақил тартибга солиш ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Шу билан бирга, Идоравий ҳужжатларни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказишда қайта ишлаш (таҳрирлаш) имконияти яратилади. Уларни халқаро стандартларга мослаштириш жараёнида уларга ҳуқуқий нормаларни киритишга рухсат этилади.

Фармонга кўра, маҳаллий ҳокимликларнинг иқтисодий, маъмурий ва молиявий ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг ҳудудий ривожланиш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишга қаратилган ташаббуслари қўллаб-қувватланади.