Тошкентда киберфирибгарлар 1 млрд сўмга яқин пул ўғирлади

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

ИИВ маълумотига кўра, Telegram орқали тарқатилган зарарли файллар орқали 117 та банк картасига ноқонуний кирув амалга оширилиб, 1 млрд сўмга яқин маблағ ўғирланган. Жиноий гуруҳ аъзолари ушланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Telegram cyyber

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва Киберхавфсизлик маркази Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида банк карталаридан пул ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

Маълум қилинишича, жиноятчилар Android қурилмалари учун махсус тайёрланган .apk форматидаги зарарли файлларни Telegram орқали тарқатишган. Файлни юклаб олган фойдаланувчиларнинг телефонларидаги СМС-хабарлар, контактлар, қўнғироқлар тарихи ва бошқа шахсий маълумотларга ноқонуний кириш таъминланган.

Жиноятчилар ушбу маълумотлар асосида фуқароларнинг банк карталари ва уларга боғланган телефон рақамлари орқали тасдиқлаш кодларини қўлга киритиб, маблағларни ўзлаштиришган. Текширувлар давомида улар томонидан 177 та банк картасига кирув амалга оширилгани ва қарийб 1 миллиард сўм маблағ ўғирлангани аниқланган.

Маълумотларга кўра, гуруҳ аъзолари турли давлат фуқаролари бўлиб, улар Telegram’да махсус ёпиқ гуруҳ яратиб, унда ўғирланган маълумотларни сақлашган. Firibgarlik ва ўғирлик ҳаракатлари махсус call-марказ орқали бошқарилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) асосида иш қўзғатилган. Гумонланувчилар ушланган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, гуруҳнинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув ишлари давом этмоқда.