Машина капотида «аквариум»: балиқлар билан видео жазога олиб келди

20:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда фуқаро машинасининг олд капотига ҳимоя плёнкасини ёпиштиргани ҳамда унинг ичига сув тўлдириб, балиқларни солгани акс этган видео тарқалди. Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида катта эътироз келтириб чиқарди.

Ekologiya

Бу ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги муносабат билдирди.

Ҳолат Экология вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда бирга ўрганилган бўлиб, натижада ушбу ҳуқуқбузарлик Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро И.Н. томонидан содир этилганлиги маълум бўлган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари – 1 миллион 125 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.

Ушбу ишни содир этган шахс сўзларига кўра, у аввал бу ҳаракатнинг нотўғри эканини англамаган. Кейинчалик эса бундай йўл тутиш мумкин эмаслигини тушунган.

«Балиқлар ўзимизники эди. Барибир ҳам ўзимизники бўлгани билан одамларга бунақа насрани кўрсатиб тарғиб қилмаслик керак экан», деган у.