14 июл куни Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда палата раиси Даврон Ваҳобов мазкур муаммони ошкор қилиб, ҚҚС юкини камайтириш зарурлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, умумий овқатланиш ва меҳмонхона соҳаларида «солиқ кэшбек»нинг жорий этилиши ҳам айнан юқори солиқ юки билан боғлиқ.
«Хизмат кўрсатиш соҳалари айланмадан 12 фоиз ҚҚС тўлайди, лекин зачёт амалда йўқ. Биз Молия-иқтисодиёт вазирлиги билан бир неча бор бу соҳалар учун дифференцияланган ҚҚС ставкаси киритиш масаласини кўтарганмиз. Тадбиркорлар айни шу сабабли ноқонуний фаолиятга ўтишмоқда», — деди Ваҳобов.
5 июл куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ҳам бу масалага эътибор қаратган эди. Қудбиевга кўра, ҳозир соҳага 4 фоизлик айланмадан солиқни таклиф этиш мумкин. Аммо давлат бу орқали ҚҚС тўловчилари доирасини сақлаб қолишга интилаяпти. Қудбиев хизматлар соҳаси учун ҚҚС ставкасини пасайтириш ва солиқ қайтаришсиз механизм жорий этилишини инкор қилмади.
Масалан, Caravan Group раҳбари Тимур Мусин феврал ойида умумий овқатланиш соҳасида даромаднинг ярми озиқ-овқат харидларига кетади, 30 фоизи эса иш ҳақига сарфланишини таъкидлаган эди. Натижада, фойда 20 фоизни ташкил этади, шунинг ўзига ҚҚС ва бошқа солиқлар юклами тушмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ҳукумат хизмат кўрсатиш соҳасини «оқлаш» учун ягона солиқ ёки пасайтирилган ҚҚС механизмларини муҳокама қилмоқда. Лекин бунинг ечими солиқ тушумлари камаймаслигини ҳам таъминлаши керак.