2025 йил маълумотларига кўра, дунёдаги энг қиммат металл — осмий-187 фақат Қозоғистонда қазиб олиниб, шу ерда экспорт қилинади. Унинг бир грамми 10 минг долларгача етиши мумкин. Бу ҳақда El.kz хабар берди.
Қайд этилишича, бозорда ушбу металлнинг таклиф ҳажми чеклангани сабаб, авваллари 1 грамм нархи 100–200 минг долларгача етган ҳоллар ҳам кузатилган.
Осмий-187 — платина гуруҳига мансуб изотоп бўлиб, кумуш-оқ рангда ва кўкиш жилога эга. Металлни ажратиб олиш жараёни ўта мураккаб: юқори ҳароратда қайта ишлаш, махсус реакциялар ва қаттиқ назорат талаб қилинади. Бундан ташқари, осмийнинг айрим шакллари инсон саломатлиги учун хавфли бўлиши сабабли унинг ишланиши юқори стандартларга мувофиқ амалга оширилади.
Металл асосан Қозоғистоннинг Улитау вилоятида жойлашган рудалардан олинади. У ердаги рудалардан 100 граммда бор-йўғи 0,02 фоизгина осмий ажратиб олинади — бу кўрсаткич дунёдаги энг юқори даража ҳисобланади. Бу металл олтиндан 300 баробар ва платинадан 400 баробар қимматроқ.
Осмий-187нинг қимматлиги нафақат унинг камёблиги, балки ўзига хос техник хусусиятлари билан боғлиқ. У юқори зичликка, мустаҳкамликка, коррозияга чидамлиликка эга бўлиб, космик кемалар деталларида, тиббий имплантларда ва электр ускуналарида ишлатилади.
Шунингдек, осмий дори воситалари — хусусан, кортизон синтезида катализатор сифатида, шунингдек, эксклюзив ювелир буюмларида ҳам қўлланилади. Германиядаги Осмий институти ҳар бир кристаллни махсус код билан қайд этиб, унинг ҳақиқийлигини кафолатлайди.
Қозоғистонда осмий-187 ишлаб чиқариш давлат монополияси ҳисобланади ва унинг тайёрланиш жараёни давлат сирлари қаторида сақланади. Бу металл фақат Қозоғистонда тозаланган ҳолда экспорт қилинади. Россия, Канада, Австралия ва Жанубий Африка каби давлатлар ҳам осмий ишлаб чиқаради, аммо улар тозаланган изотоп эмас, балки аралаш шаклда фойдаланади.