АҚШ Зангезур йўлагини 100 йилга ижарага олиш таклифини билдирди

08:40 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ расмийлари Боку ва Ереван ўртасидаги сулх музокараларни тезлаштириш мақсадида Эрон чегарасидаги Зангезур йўлагини бошқаришга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Томас Баррак Ню Йоркдаги брифингда маълум қилди.

Zangezur

Унинг сўзларига кўра, АҚШ 32 километрли йўлакни 100 йиллик муддатга ижарага олиш орқали муаммоли ҳудудда нейтрал бошқарувни йўлга қўйишни таклиф қилмоқда. Баррак бу таклифни шундай ифода этди: «Бизни бошқарувчи қилинг, йўлдан ҳамма фойдалансин».

Зангезур йўлаги — Озарбойжоннинг асосий ҳудудини Нахичивон орқали Туркия билан боғлашни кўзда тутувчи лойиҳа. Йўлак Арманистоннинг Сюник вилоятидан ўтиши керак. Арманистон бунга қарши чиқмоқда, аммо суверенитетини сақланган ҳолда йўл очишга тайёр эканини билдирган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Зангезур йўлагини геосиёсий ва геоиқтисодий инқилоб деб атаган. Унга кўра, бу лойиҳа нафақат Туркия ва Озарбойжон, балки бутун минтақа учун стратегик аҳамиятга эга.

Middle East Eye нашрининг ёзишича, бу АҚШнинг Зангезур йўлаги бўйича биринчи расмий таклифи ҳисобланади. Вашингтон йўлни бошқариш учун хусусий америкалик компанияни нейтрал кафил сифатида тавсия қилган.

Манбаларнинг айтишича, бундай ташаббус илк бор Туркия томонидан билдирилган. Режага кўра, Арманистон орқали Туркияни Марказий Осиё билан боғловчи янги логистика йўналиши шаклланиши мумкин.

Озарбойжон расмийлари сулҳ келишуви имзоланиши учун аввал (ЕХҲТ доирасида тузилган) Минск гуруҳи  тарқатилишини ва Арманистон конституциясига ўзгартиш киритилишини талаб қилмоқда. Айни пайтда, Арманистон конституциясида 1990 йилдаги Мустақиллик декларациясига таянган ҳолда Қорабоғни Арманистон ҳудуди сифатида эътироф этувчи нормалар мавжуд.

10 июл куни Абу Дабида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев учрашиб, тинчлик музокараларини давом эттиришга келишиб олгани маълум қилинди. Аммо келишувни имзолаш санаси расман эълон қилинган эмас.

Шу билан бирга, икки давлат 2024 йил охирига қадар тинчлик битими имзоланишига умид қилмоқда. Томонлар ўртасидаги келишувга кўра, бу келишув Яқин Шарқдаги аралашувлар ва ташқи босимлардан мустақил равишда амалга оширилиши кутилмоқда.