Жарима майдонидан автомашинани чиқариш учун электрон рухсатнома жорий этилади

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан чиқариш учун рухсатнома олиш тартиби рақамлаштирилди. Янги тартиб фуқароларга ЯИДХП ва мобиль илова орқали онлайн мурожаат қилиш имконини беради.

Avtobozor

«Автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун электрон рухсатнома олиш юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат қилишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Бу янгилик орқали фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП), Давлат хизматлари марказлари ва «SafeRoad» мобил илова орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади.

2025 йил 31 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар транспорт воситаларини жарима майдонидан олиб чиқиш учун рухсатномани электрон шаклда сўрашлари мумкин бўлади. Мурожаатлар 24 соат давомида қабул қилинади ва иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Рухсатнома QR-код кўринишида тақдим этилади.

Янги тартибга кўра, фуқаролар паспорт маълумотлари, транспорт рақами, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа зарур ҳужжатларни тақдим этиши талаб этилади. Электрон сўровнома тўлдирилгандан сўнг ваколатли органлар ушбу маълумотларни текшириб, ижобий қарор қабул қилинса, рухсатнома юборилади.

Агар сўровномада хатоликлар бўлса, ариза берувчига уларни тўғрилаш учун 3 иш куни муҳлат берилади. Рухсатнома берилгандан кейин такрорий мурожаатлар кўриб чиқилмайди. Ушбу тартиб Ички ишлар органларини рақамлаштириш бўйича Президентнинг 155-сон қарори ижроси доирасида жорий этилмоқда.

Қарор ижросини назорат қилиш Ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклатилган. Бу ўзгариш фуқароларни ортиқча оворагарчиликдан қутқариб, давлат хизматларини янада шаффоф ва тезкор қилади.