Ғазодаги навбатдаги ҳаво ҳужумларида 78 киши ҳалок бўлди

11:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил Ғазо секторидаги бомбардимонларни давом эттирмоқда. 14 июл куни амалга оширилган ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 78 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани маълум қилинди. Сўнгги ҳафталардаги қонли тўқнашувлар инсонпарварлик ёрдам марказларини ҳам қамраб олмоқда.

Gaza children

«Al Jazeera» телеканали маълумотига кўра, Исроил армияси томонидан амалга оширилган сўнгги зарбалар Ғазо секторидаги бир нечта аҳоли пунктларига тегишли бўлди. «Wafa» агентлиги хабар қилишича, Исроил ҳарбийларининг Рафаҳ шаҳридаги ёрдам тарқатиш пунктига уюштирган ҳужумида камида 5 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Ҳужумлар натижасида нафақат тинч аҳоли, балки гуманитар марказлар ҳам зарар кўрмоқда. Исроил ва АҚШ қўллаб-қувватлайдиган Ғазо гуманитар жамғармаси маълумотига кўра, ёрдам марказларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 838 нафарга етди.

Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган кўчманчилар лагерига бериладиган зарба 9 кишининг умрига зомин бўлди. Шунингдек, Бурейж қочқинлар лагери яқинидаги савдо марказига қилинган ҳужумда яна 4 нафар фуқаро қурбон бўлди. Ғазо шаҳрида эса камида 24 киши ҳалок бўлиб, яна ўнлаб фаластинлик жароҳат олган.

Исроил матбуотининг ёзишича, Ғазо шаҳридаги тўқнашувлар чоғида яҳудий ҳарбийларига пистирма уюштирилган. Дастлаб танкка ракета отилган, сўнгра қуролли отишма содир бўлган. Исроил мудофаа кучлари воқеа натижасида 3 нафар аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳужумларга жавобан Исроил Туффа ва Шужайеа маҳаллаларидаги турар жой биноларига оммавий ҳаво ҳужумлари амалга оширганини «Al Jazeera» маълум қилмоқда.