Хусусий сектор ҳисоблагичларни қиёслаш хизматларига жалб этилади

11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Электр, газ ва сув ҳисоблагичларини текширишда тадбиркорлар ҳам иштирок этади.

Gaz export

Ўзбекистон ҳукумати ҳисоблагичларни қиёслаш хизматларини хусусий секторга ҳам топширишни кўзда тутувчи қарор лойиҳасини эълон қилди. Бу қарор Президентнинг хизматлар соҳасини барқарор ривожлантиришга оид фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қарорга кўра, аккредитациядан ўтган хусусий тадбиркорлик субъектларига қуйидаги хизматларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади: табиий газ, электр энергияси, ичимлик ва иссиқ сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш. Бу орқали соҳада рақобат муҳитини шакллантириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсад қилинган.

Янги тартибга кўра, қиёслаш хизматлари эндиликда муқобил равишда кўрсатилади. Метрология соҳасидаги барча маълумотлар ягона электрон маълумотлар базаси — «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизимида юритилади. Ҳисоблагичларни текшириш баённомалари ва хулосалари тўлиқ электрон шаклда расмийлаштирилади.

Шунингдек, ҳисоблагичларни қиёслаш ишлари учун масъул бўлган Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ушбу жараёнларни масофадан туриб мониторинг қилиб боради. Бу агентлик метрология хизматларининг молиявий-хозалик фаолиятига аралашмасдан фақат техник назоратни амалга оширади.

Мазкур ташаббус хусусий сектор иштирокини кенгайтириш орқали давлат хизматларини самарали ташкил этишга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.