Ўзбекистон ҳукумати «Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳасини эълон қилди. Унга кўра, таълим муассасаларини жиҳозлаш бўйича аниқ талаб ва меъёрлар тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.
Лойиҳада мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун моддий-техник жиҳозлаш бўйича талаблар аниқ баён этилган. Улар давлат муассасалари учун мажбурий, нодавлат таълим ташкилотлари учун эса тавсиявий характерга эга бўлади. Шу билан бирга, нодавлат ташкилотлар лицензия талаблари асосида жиҳозланиши лозим бўлади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 декабрга қадар ушбу жиҳозлаш меъёрларини тасдиқлаши ва уларни барча тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиши шарт қилиб белгиланган. Ушбу ҳужжат таълим соҳасида замонавий талабларга мос инфратузилмани шакллантиришга қаратилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, шунингдек Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бу меъёрларни амалга ошириш учун зарур чораларни кўради. Таълимни ривожлантириш илмий-методик марказига эса халқаро тажриба асосида самарадорликни таҳлил қилиш ва замонавий тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Бу ташаббус таълим муассасаларини нафақат техник жиҳатдан, балки педагогик ва услубий жиҳатдан ҳам юксалтиришга хизмат қилади.