Россия Давлат Думаси меҳнат қўмитаси раиси Ярослав Ниловнинг маълум қилишича, мамлакатга ишлаш учун келаётган хорижликлар учун қўшимча тиббий талабларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Лойиҳага кўра, фуқаролардан тиббий суғуртага қўшимча равишда ОИВ, гепатит B ва C, сил, сифилис каби касалликлар йўқлигини ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаслигини тасдиқловчи маълумотнома талаб этилади.
Ниловнинг таъкидлашича, Россия мигрантларнинг муаммоларини эмас, балки ишчи қўли орқали ечимларини кутади. Агар керакли тиббий ҳужжатлардан бири етишмаса, шахс Россияга киришдаёқ қайтарилади.
Бу янгилик Россияда миграция тизимини қатъийроқ назорат қилишга қаратилган яна бир чора бўлиб, июл ойида мигрантлар учун давлат божлари жорий этилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам қабул қилинган эди. Унга кўра, Россияда вақтинча яшаш ёки ишлаш истагидаги фуқаролар рўйхатга олиш ва рухсатномалар учун 500–4200 рубл миқдорида тўлов тўлашлари керак бўлади.
Молия вазирлиги ушбу янги йиғимлар Россия бюджетига йилига 17 млрд рублгача қўшимча даромад келтиришини ҳисоблаб чиққан. Шу билан бирга, аввалроқ чет элда уч ойдан зиёд вақт бўлган фуқароларни ҳам ОИВ бўйича мажбурий текширувдан ўтказиш режалаштирилгани хабар қилинган.