Сурхондарёда адвокат 50 минг доллар пора билан ушланди

12:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Жарқўрғон туманида адвокат суд жараёнига таъсир кўрсатиш ва айбланувчига енгил жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига катта миқдорда пора талаб қилган. Аммо у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.

Dxx

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида фаолият юритувчи адвокат ички ишлар органлари томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида суд жараёнига аралашишга уринишда айбланмоқда. У судда кўрилаётган иш бўйича айбланувчига озодликдан маҳрум қилмайдиган жазо тайинланиши учун ёрдам беришни ваъда қилиб, эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Адвокат бу ёрдамни суд идораларидаги танишлари орқали амалга оширишини айтган. У ДХХ ва Прокуратура ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир вақтида, сўралган пулнинг 50 минг АҚШ долларини олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (катта миқдорда фирибгарлик) ва 28-модда орқали 211-моддаси 3-қисми «а» банди (пора беришга суиқасд) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.