Божсиз товар олиб киришда фуқаро хорижда неча кун тургани ҳам ҳисобга олинади

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 20 июлдан Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун товар олиб кирувчи фуқаролар учун янги талаб жорий этилади — энди божсиз лимит фақатгина хорижда белгиланган муддатдан кўп турганларга татбиқ этилади.

Bojxona

Давлат божхона қўмитаси 20 июлдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарларга нисбатан божсиз лимит тартибида янги талаб кучга киришини маълум қилди. Мазкур тартиб 1 майдан амалда бўлган долларнинг транспорт турига қараб белгиланган лимитлари асосида янада қатъийлаштирилмоқда.

Айни пайтдаги тартибга кўра, фуқаролар ҳаво транспортида 1000 долларгача, темир йўл ва дарё транспортида 500 долларгача, автомобил ёки пиёда ўтиш пунктлари орқали эса 300 долларгача қийматдаги товарларни бож тўламасдан олиб кириш ҳуқуқига эга. Аммо 20 июлдан бошлаб, бу ҳуқуқ фуқаронинг хорижда қанча кун бўлганига боғлиқ ҳолда амал қилади.

Янги тартибга кўра, агар фуқаро чет элда камида 2 кун (ёки ҳаво транспортида 3 кун) турмаган бўлса, у ҳолда юқоридаги лимитлар унга татбиқ этилмайди ва товар учун бож тўлашга мажбур бўлади. Масалан, Қирғизистон ёки Қозоғистондан 1 кунлик сафар орқали қайтган шахс 200–300 долларлик телевизор ёки маиший техника олиб кирса, бож тўлайди.

Мазкур чоралар товар айланмасига оид қонунчиликни янада тартибга солиш ва ноқонуний олиб кириш ҳолатларини олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда. Божхона органлари фуқаролардан бунга жиддий етарли даражада эътибор қаратишни ва белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишни сўрамоқда.