Миллий статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2024 йилда 6,2 миллион ўзбекистонлик хорижга чиққан — бу 2023 йилга нисбатан деярли 30 фоизга кўп. Уларнинг катта қисми даромад излаб хорижий давлатларга борган.

Мазкур рақамлар ичида фақат меҳнат миграцияси билан боғлиқ сафарлар акс эттирилган бўлиб, қолганлари саёҳат, ўқиш ёки бошқа мақсадларга тегишли бўлиши мумкин.
2024 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 15 миллиард долларга яқин пул юборган. Бу маблағ 2025 йилги давлат бюджети даромад қисмининг тахминан 42 фоизини (35,9 млрд доллар) ташкил қилади.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, агар бу пул ўтказмалари бўлмаганида, Ўзбекистонда қашшоқлик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизгача ошиб кетган бўларди.
Германия
Шенген визаси портали маълумотларига кўра, 2024 йилда ўзбекистонликлар 58 691 та виза аризаси топширган, бу эса 2023 йилга нисбатан 26 фоиз кўп.
Шу аризаларнинг 19 329 таси Германияга тегишли бўлиб, улардан 15 205 таси тасдиқланган. Бу Германияни ўзбекистонликлар орасида энг машҳур йўналишга айлантирди.
Болгария
2024 йил баҳорида Болгария Шенген зонасига қисман қўшилди, 2025 йил январидан бошлаб эса тўлиқ аъзо бўлди. Бу ўзбекистонликлар учун энг қулай кириш нуқтасига айланди. Болгария визаларининг тасдиқланиш даражаси 133,4 фоизга етган. Бу шуни англатадики, айримлар бир неча марта виза олган. Эндиликда Болгария визаси орқали Шенген зонасидаги 29 давлатга қўшимча рухсатсиз кириш мумкин. Бунинг натижасида Болгария арзон ва осон кириладиган Шенген эшиги сифатида танилмоқда.
2025 йил OCEDнинг 2025 йил апрел ойи охиридаги «Болгария меҳнат бозори таҳлили ҳисоботига» кўра, Болгария аҳолиси қисқариб бормоқда, мамлакатда меҳнат кучи етишмовчилиги сезиларли. Шунинг учун у ўзбекистонлик каби меҳнат муҳожирларини жалб қилишни кенгайтириб, муқобил меҳнат манбаларига эҳтиёж сезмоқда — бу эса Болгарияни «янги Шенген эшиги»га айлантирганини тасдиқлайди .
Полша
Бир пайтлар Полша ўзбекистонликлар учун Шенген зонасига киришдаги асосий йўналиш эди. Бироқ 2023–2024 йиллардаги «виза сотиш можароси» ва сиёсий беқарорлик туфайли бу мамлакат энг кўп рад жавоби бераётган давлатлардан бирига айланди. 2024 йилда 9 250 та виза аризаси рад этилган, бу жами аризаларнинг 15,76 фоизини ташкил этди — ўтган йилга қараганда 21 фоизга кўп. Ўзбекистонликлар Полша визаси учун 4,7 миллион евро сарфлаган. Шундан 740 минг евро рад этилган аризалар туфайли беҳуда кетган.
Фирибгарликлар
Телеграмда Европага «қонуний ишга жойлаштириш», виза олиш ва «ишончли схемалар» орқали ҳужжат расмийлаштиришни ваъда қилаётган аноним каналлар сони тез суръатлар билан ошмоқда. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, 2024–2025 йилларда виза фирибгарликлари билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари қўзғатилган.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.