Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги «2023–2025 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Норин дарёси устида янги кўприк қурилиши ишлари бошланган.
Қурилаётган кўприкнинг умумий узунлиги 481,5 метр, эни эса 15,1 метрни ташкил этади. Қатнов қисми 7,5 метр кенгликда бўлиб, икки томонда 2 метрли хавфсизлик тасмалари ва 1,8 метрдан пиёдалар йўлаклари билан жиҳозланади. Лойиҳа доирасида, шунингдек, 17,5 km янги автойўл ҳам барпо этилади.
Мазкур инфратузилма лойиҳаси орқали транспорт тирбандликларини камайтириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва аҳоли учун ҳаракатланиш имкониятларини яхшилаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, вилоят марказигача бўлган йўл масофаси 20 км га қисқаради. Бу 450 минг аҳоли яшайдиган юздан зиёд маҳаллага ҳам қулайлик яратади.
Қийин муҳандислик талаб қилувчи кўприк қурилиши «Ўзйўлкўприк» кластерининг Тошкент вилояти филиали томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа буюртмачиси сифатида «Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» ДУК белгиланган. Қурилиш ишлари 2026 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.