Etihad Airways 2026 йилдан 7 та янги йўналишни очади — Тошкент ҳам рўйхатда

13:20 | 3 дақиқада ўқилади.

БААнинг миллий авиакомпанияси — Etihad Airways 2026 йилдан бошлаб Тошкент ҳамда яна олти шаҳарга парвозларни йўлга қўяди. Бу авиаширкатнинг Абу Дабини халқаро логистика ва сайёҳлик марказига айлантириш режаларининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

Etihad

Etihad Airways томонидан эълон қилинган янги йўналишлар қуйидагилар: Тошкент (Ўзбекистон), Олмаота (Қозоғистон), Тбилиси (Гуржистон), Боку (Озарбойжон), Ереван (Арманистон), Бухарест (Руминия) ва Мадина (Саудия Арабистони). Бу шаҳарлар ўзининг маданий бойлиги, сайёҳлик салоҳияти ва парвозларга бўлган тобора ортиб бораётган талаб билан танланган. Уларнинг барчаси 2026 йил март ойидан фаолият бошлайди, Мадина йўналиши эса 2025 йил ноябрда очилади, деб хабар бермоқда Gulf Business.

Etihad бош директори Антониалду Невеснинг айтишича, 2025 йил давомида жами 29 та янги йўналиш очилиши режалаштирилган. Бу Абу-Дабини туризм, маданият ва савдо маркази сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади. Унга кўра, янги йўналишлар нафақат бизнес, балки ҳожилар ва саёҳатчилар учун ҳам қулайлик яратади.

Йилнинг биринчи ярмида Etihad 10,2 млн йўловчи ташиган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга кўп. Июн ойида авиаширкатнинг юклама коэффициенти 88 фоизга етди. Бу эса авиаширкат хизматларига талаб юқорилигини ва парвозлар самарадорлигини тасдиқлайди.

Тошкентнинг рўйхатга киритилиши Ўзбекистон учун муҳим транспорт ва сайёҳлик имкониятларини очади. Бу нафақат БАА билан тўғридан тўғри алоқаларни кучайтиради, балки Wizz Air Abu Dhabi лоукостери ўз парвозларини тўхтатишини эълон қилган бир пайтда ўзбекистонликларга Абу Даби орқали бутун дунёга чиқиш имконини ҳам кенгайтиради.