Давлат кечикса – узр, тадбиркор кечикса – жарима: меҳнат қонунчилигидаги тенгсизлик

15:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Меҳнат муносабатларини янада аниқ ва мувозанатли тартибга солиш мақсадида Меҳнат кодексидаги 333-моддага ўзгартириш киритиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди. Унга кўра, иш ҳақи кечиккан тақдирда иш берувчиларга нисбатан амалдаги компенсация нормалари нопропорционал ва адолатсиз тарзда қўлланилаётган ҳолатлар учрамоқда.

Sum

Қонун лойиҳаси иш ҳақи кечиктирилгандаги жазо чораларини реал иқтисодий шароитларга мослаштиришни кўзда тутади. Айни пайтдаги амалиётда компенсация миқдори юқори ва ҳар доим ҳам иш берувчилар имкониятидан келиб чиқиб белгиланмайди. Мутасаддилар таъкидлашича, ҳозирги тизим айрим ҳолатларда тадбиркорлик субъектларига салбий таъсир кўрсатмоқда, айниқса кичик ва ўрта бизнес вакилларига.

Амалдаги нормага кўра, ҳар бир кечиккан кун учун компенсация Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига асосан ҳисобланади. Бу эса йиллик 511 фоиздан ортиқ тўлов юклатилишига олиб келмоқда. Тадбиркорлар фикрича, бу миқдор реал иқтисодий шароитларга мутаносиб эмас ва ишлаб чиқаришдаги вақтинчалик узилишлар сабабли юзага келган кечикишлар учун оғир жазо сифатида хизмат қилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамоатчилик фикри ва тадқиқотлар асосида мазкур нормани қайта кўриб чиқишни таклиф этмоқда. Вазирлик маълумотига кўра, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатда мувозанатни таъминлаш, икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий ёндашув зарур.

Отабек Бакиров ўзининг телеграм ижтимоий тармоғида ёзишича, давлат энергетика тизими томонидан электр ёки газ таъминотидаги узилишлар сабабли ишлаб чиқариш тўхтаганда, иш берувчи иш ҳақини вақтинча тўлай олмай қолиши мумкин. Аммо бу ҳолатда тадбиркор жазога тортилади, етарлича ҳуқуқий муҳофаза йўқ. Айни пайтда, давлат ташкилотлари ва йирик компаниялар томонидан ойлаб иш ҳақи тўланмагани, ўқитувчилар маоши мунтазам кечикиши ҳолатларига расмийлар томонидан етарли эътибор қаратилмаяпти.

Қонун лойиҳаси ҳозирда Ҳукуматга юборилган. Мутасаддилар ушбу нормани халқаро амалиёт ва миллий манфаатлар асосида қайта ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидламоқда.