Германиянинг Кёлн-Бонн аэропортида 1 500 га яқин ўргимчак — тарантула яширинча олиб кирилмоқчи бўлган контрабанда юки фош этилди. Бу ҳақда Euronews нашри хабар берди.
14 июл куни аэропортга Ветнамдан келган 7 килограммлик қандолат маҳсулотлари ичида ноодатий ҳид сезган божхона ходимлари юкни текшириб чиқди ва у ердан жуда кўп миқдорда ёш тарантулаларни аниқлашди. Божхона бошқармаси вакили Йенс Ахланд ушбу юк ҳақида шундай деди: «Аэропортда турли ноқонуний юклар кўрилган, аммо бундай кўп миқдордаги ўргимчак контрабандаси бизни ҳайратга солди».
Ўргимчакларнинг кўпчилиги саёҳат давомида ҳалок бўлган. Бу ҳолат Германиядаги ҳайвонлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш қоидалари бузилганини кўрсатади. Тирик қолганлари тегишли мутахассисларга топширилган.
Ҳашаротлардан фойда олиш мақсадида уларни ноқонуний равишда ташиш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган. Жумладан, май ойида Кенияда меҳмонхонада 5000 та чумоли билан қўлга тушган икки ўсмирга 7 700 долларлик жарима ёки 12 ойлик қамоқ жазоси тайинланган эди.
Тарантулалар (Lycosa) — ўргимчакбўрилар оиласига мансуб, узунлиги 3,5 см гача бўлган, фаол ва тўқ тусли, сертўл ўргимчак туридир. Улар асосан нам ерларда — ариқ, зовурлар ёқаси, дарё бўйи ва экинзорлар четида 60 см чуқурликкача бўлган қазилмаларда яшайди.