Сурхондарё вилоятида жами 23 бош илон, жумладан 6 бош Ўрта Осиё кобраси ва 17 бош шарқ бўғма илони табиий муҳитга қўйиб юборилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу илонлар аввалроқ вазирлик инспекторлари томонидан ўтказилган рейдлар давомида фуқаролар томонидан ноқонуний сақланаётган ҳолда аниқланган. Улар мусодара қилинган ҳолда Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган эди. Кейинчалик Зоология институти хулосаси асосида улар «Сурхон» давлат қўриқхонасининг Кампиртепа, Шержон ва Шолкон ҳудудларига жойлаштирилди.
Ўрта Осиё кобраси ва шарқ бўғма илони Ўзбекистоннинг «Қизил китоби» ҳамда халқаро CITES конвенциясининг II иловасига киритилган. Кобра айрим минтақаларда бутунлай йўқолган, қолган ҳудудларда эса жуда кам учрайди. Шарқ бўғма илонининг сони ҳақида эса ҳозирча аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
Бундай биологик турларнинг табиатга қайтарилиши уларнинг популяциясини сақлаш ва тиклашда муҳим аҳамиятга эга.