Вақт ва санкциялар Россияни заифлаштирмоқда — SITE

14.05.2025 11:32 | 3 дақиқада ўқилади.

SITE институти таҳлилчиларига кўра, Россия иқтисодиёти «янгидан қурилиш» эмас, балки «инқирозга яқин муҳит»га яқинлашмоқда. Кремлнинг ҳарбий иқтисодиётини санкциялар орқали тўхтатиш мумкин.

Russia oil

13 май куни Брюсселда Европарламент мажлисида Стокҳолмнинг SITE институти «Россиянинг ҳарбий иқтисодиётини молиялаштириш» деб номланган ҳисоботни тақдим этди. Ҳисобот муаллифларининг фикрича, Россия иқтисоди ҳозирча «қандайдир яшаши» мумкин, аммо вақт ўтиши билан чуқур инқироз хавфи ортаяпти. Шу боис, Ғарб санкциялари бекор қилинмаслиги, аксинча кучайтирилиши керак.

SITE директори Торбёрн Беккернинг таъкидлашича, Россия расмий статистикани яшириб, иқтисодий барқарорлик тўғрисидаги пропагандани бошқармоқда. Аслида эса Россия ЯИМи Евроиттифоқ иқтисодиётининг 12 фоизинигина ташкил қилади. Бундан ташқари, ЯИМнинг 90 фоизи нефт ва газ нархларига боғлиқ. Шу боис Россиянинг иқтисодий ўсиши реал эмас, балки ҳарбий харажатлар орқали сунъий рағбатлантирилаётган ўсишдир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россия бюджети расман назоратда кўринадими, аслида давлат ҳозирда захиралар ва ички қарзларга таянаётгани ҳақиқий хавфдир. Яъни, Россия нефт экспорти ва ҳарбий саноатини сақлаш учун ресурсларни ички эҳтиёжлар ҳисобидан тўлдирмоқда. Бунда сўнгги пайтда «хуфёна флот» ва Хитой технологиялари орқали санкцияларни четлаб ўтишга уринишлар кўпайган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳарбий саноат гуруҳлари — «Ростех», «Алмаз-Антей» каби йирик корхоналар санкцияларга қарамасдан фаолиятни кенгайтирмоқда. Бироқ улар асосан давлатнинг тўғридан-тўғри молиялаштиришига боғлиқ. Ғарб технологиялари ўрнини босувчи Хитой маҳсулотлари эса кам самарали ва қимматга тушмоқда.

Шунингдек, ҳисоботда Россиянинг иқтисодий салоҳияти Европа Иттифоқи имкониятлари билан таққослаш мумкин эмаслиги, Россия ЯИМи тахминан 2 трлн доллар, ЕИники эса 18,6 трлн доллар эканлиги таъкидланган. Шу боис, Украинага ёрдам кўрсатиш ресурслар масаласи эмас, сиёсий ирода масаласи эканлигига урғу берилган.

Муаллифлар хулосасига кўра, санкцияларни узлуксиз сақлаш, ҳарбий ёрдамни давом эттириш ва ягона иқтисодий фронт сақланиши Россия ҳарбий машинасини мувозанатдан чиқаришда ҳал қилувчи омил бўлади.