13 май куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу янги ҳарбий ҳужум яқин кунларда бошланишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Армия ҳужумни тўлиқ куч билан амалга оширади ва бу ҳаракатнинг асосий мақсади — ҲАМАС ҳаракатини мағлуб этиш ҳамда барча гаровдагиларни озод қилиш бўлади.
Нетаняҳу яраланган захирачи аскарлар билан учрашувда, ҲАМАС бир нечта асирни қайтариш таклифи билан чиқса ҳам, Исроил урушни тўхтатишга рози бўлмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, вақтинча отишмаларни тўхтатиш мумкин, лекин узоқ муддатли тинчлик ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас.
БМТнинг ҳуманитар ёрдам координатори Том Флетчер Исроилни танқид қилди ва Ғазо аҳолисига нисбатан «бешафқат шароит» яратилаётганини баён этди. Унинг сўзларига кўра, 2,1 млн фаластинлик очарчилик хавфи остида қолган — озуқа, дори-дармон ва сув каби ёрдамлар ўн ҳафтадан бери етиб бормаяпти. Флетчер Исроилни фуқароларни ўлдиришни тўхтатишга ва гуманитар ёрдамни ўтказишга чақирди.
Шу билан бирга, у ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳларни барча асирларни дарҳол озод қилишга ва фуқароларни ҳарбий ҳаракатлар марказига айлантирмасликка чақирди.
Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер ҳам Исроил ҳаракатларини танқид қилди. Германия раҳбари Нетаняҳу билан учрашувда фуқароларга ёрдам етказиш зарурлигини таъкидлаган.
Исроил матбуотидаги маълумотларга кўра, янги ҳужум АҚШ президенти Доналд Трампнинг Саудия, Қатар ва БААга сафаридан сўнг бошланиши мумкин.